AMBiTга Кириш

Ислом банкингини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича лойиҳа

2018 йилнинг 16 май куни Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида ислом банк иши ва молия инфратузилмасини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталида жойлаштирилди.

Бизнес юритишнинг исломий нормалари дунёда катта қизиқиш уйғотаётган бўлсада, Ўзбекистон учун мутлақо янги молиявий институт ҳисобланади. Ислом банкинги нафақат у яқин бўлган Шарқий ва Осиё мамлакатларида, шу билан бирга Европа давлатларида ҳам жорий этилмоқда.

Бизнес ҳамжамияти фикри билан ўртоқлашиш учун биз Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси раиси ўринбосари, муваффақиятли тадбиркор Холматов Улуғбек Валиевичга мурожаат қилдик.

– Улуғбек Валиевич, ислом банкинги фаолиятининг асосий принциплари ва унинг одатий банк тизимидан фарқли жиҳатлари тўғрисида гапириб берсангиз?

– Аввало, баъзи атамаларни изоҳлаб берсам:

Ислом банкинги – бу ислом жамиятининг иқтисодий бошқаруви ҳамда ижтимоий, сиёсий, маданий жиҳатларига алоқадор шариат тамойилларига мувофиқ молиявий фаолиятдир.

Сумма ва қарз муддати асосида ҳисобланадиган фоиз ёки ставкадан ҳақ олиш тақиқланганлик ислом банкингининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Ушбу тақиқ ижтимоий адолат ва тенглик тўғрисидаги мусулмон қонунлари билан тушунтирилади. Ислом фойда олишни қўллаб-қувватлайди, аммо ушбу мақсадларда фоизлардан фойдаланишни рад этади. Ахир бундай фаолият маҳсулот яратишга олиб келмайди ва жамият фаровонлигини оширмайди. Ислом этикаси қоидаларига кўра фойда қалтислик, меҳнат ва куч учун мукофот бўлиши лозим.

Агар молиявий институт кредит берувчи ҳисобланмаса, у инвестор ёки ҳамкорга айланади. Ислом банкингининг асосий ишлаш тамойили – лойиҳа инвестицияси шу билан боғлиқ. Шундай қилиб, ҳамкорлар ўртасида бўлинадиган лойиҳанинг барча жиҳатлари ва қалтисликлари ўрганилиб, маълум лойиҳа учун сармоя ажратилади.

Умумлаштириб шуни айтиш мумкинки, турли воситалар, шу жумладан хизмат кўрсатиш ва реал бизнесда биргаликдаги иштирок этиш ёрдамида иқтисодиётнинг амалдаги секторлари билан алоқаларни яратишга қаратилган.

Унутмаслик лозимки, ислом банки – энг аввало шариат нормалари асосида молиявий инструментлар ёрдамида фойда олиш ва ўзининг айланма капиталини қайтариб олишга қаратилган банкдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасига мувофиқ, ишчи лойиҳани тугатиш бўйича Комиссияга Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкини (ЎИТБ) ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини қонунчиликда белгиланган тартибда киритиш топширилган.

ЎИТБ стандарт чакана хизматлар, шу билан бирга, экспорт-импортни молиялаштириш, уй-жойларни молиялаштириш, лизинг фаолияти (ижара), суғурта фаолияти (такафул), шунингдек, таркибий тузилмалари орқали қимматли қоғозлар бозоридаги хизматлар (сукук) нинг кенг спектрини тақдим этади.

Банк венчур капиталда инвестиция ҳамда фондларда тўғридан-тўғри инвестиция ва қалтисликларни суғурталаш каби тизимлаштирилган мураккаб молиявий маҳсулотларни тақдим этади.

– Сиз ислом молия институтининг Ўзбекистонда ривожланиш истиқболларини қандай тасаввур қиласиз? Ислом банкингини Ўзбекистонда жорий этишда қандай муаммоларга дуч келиниши мумкин?

– Бизнес ҳамжамиятининг вакили сифатида мен ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизини мусулмонлар ташкил этиши ва улар фиқҳ қоидаларини (ислом юриспруденцияси) яхши билиши сабабли бизнинг бозорда молиялаштиришнинг ушбу тури талабгор бўлади.

Айни пайтда диннинг барча нормаларига мос келадиган молиялаштириш механизмининг мавжуд эмаслиги бизнес ва аҳолининг молиявий ва иқтисодий фаоллашувини секинлатмоқда. Бизнеснинг катта қисми банклар билан ишламайди, яъни банкнинг кредитга ўхшаган хизматларидан фойдаланмайди.

Иқтисодий нуқтаи назардан ислом банкингининг ривожланиш истиқболи жуда яхши. Аммо ривожланиш истиқболлари Ислом молия институти маҳсулотлари ва ислом юриспруденцияси (фиқҳ) каби омилларга боғлиқ. Мутахассисларнинг етишмовчилиги ушбу механизмни кенгайтиришни қийинлаштиради, маҳсулотлар етишмаслиги мумкин, бунинг оқибатида улар қиммат ёки сифатсиз бўлиши мумкин.

Шунингдек, банк ва унинг ҳиссадорлари, ислом банкингининг барча лойиҳаларида гаров таъминоти олиш имкониятининг йўқлиги каби қалтисликлар ҳам бор. Лойиҳа барбод бўлмаслиги учун қалтисликларни бошқариш тизимининг жуда сифатли механизмини яратиш лозим бўлади.

Ва албатта, муҳим роль ўйнайдиган давлатнинг қўллаб-қувватлашисиз ислом молиявий тизимини жорий этиш ва ўрнатиш фақат баъзи инструмент ва маҳсулотларга таяниб аста-секинлик билан амалга ошади.

– Қарор лойиҳасини қандай баҳолайсиз?

– Қабул қилинган ривожланиш стратегияси доирасида иқтисодиётнинг либераллашуви давом этмоқда ва у барча соҳаларга таъсир этмоқда. Мазкур қарор лойиҳасини бунчалик тез муҳокама бўлишини кўпчилик кутмаган эди. Очиқ айтиш керакки, мамлакатнинг бугунги ривожланиш босқичида бу муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу тизимни қанча тез ишга туширсак, иқтисодиёт ундан шунча кўп фойда олади.

– Ислом банкинги ташкил этилишида Ўзбекистон фуқаролари учун қандай афзалликлар бор?

– Аввало, ўз маблағларини банк ҳисоб рақамларидан ташқарида сақловчи аҳолидан бўш маблағларни йўналтириш ҳисобига молия бозорининг фаоллашуви кучаяди.

Шу билан бирга, янги корхона ва лойиҳаларнинг ташкил этилиши ишчи ўринларининг ошишига олиб келади.

Бугунги кунда банк хизматларидан фойдаланмаётган компаниялардан солиқ тушими ҳисобига бюджетга маблағ жалб қилишни ошириш мумкин. Бу ижтимоий лойиҳаларни (пенсия тўлаш, мактаб ва шифохоналар қуриш) амалга ошириш ва шаҳар ва қишлоқларимизда ҳаёт сифатини оширишга таъсир этади.

Шунингдек, ислом банкингида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.