AMBiTга Кириш

AMBiT Туркиянинг мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар ассоциацияси (MÜSİAD) билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида муносабатларни ўрнатиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Уларни фаоллаштириш ва йўлга қўйиш учун кўплаб чора-тадбирлар қабул қилинди.

2017 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия бизнес-форумида Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Халқаро майдонда Туркия биз учун ишончли ва муҳим ҳамкор ҳисобланади ва биз буни қадрлаймиз”, деб таъкидлаган эди ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон эса Ўзбекистонни барча муносабатларда стратегик ҳамкор деб атаган эди.

30 март куни Туркиянинг мустақил саноатчилар ва тадбиркорлар ассоциацияси (MÜSİAD) вакиллари иштирокида Туркия делегацияси Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциациясига (AMBiT) ташриф буюрди.

MÜSİAD вице президенти Adnan BOSTAN, MÜSİADнинг хорижий мамлакатлар билан ишлаш бўйича комиссияси ҳузуридаги меморандумлар тузиш бўйича вакили Laura GÖK, MÜSİADнинг хорижий мамлакатлар билан ишлаш бўйича комиссияси аъзолари Murat GÜMÜŞLÜOL ва Alparslan UÇAR делегация таркибида бўлишди. Шунингдек, учрашувга Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси консули Kemal OZDEMIR, TIKAнинг Ўзбекистондаги раҳбари AliIhsan CAGLAR ва Ziraat Bankнинг Ўзбекистондаги бошқарув раиси Ercan BULUTлар ҳам таклиф этилди.

MÜSİAD 1990 йилда Онадўлининг кичик туманида 12 нафар ёш тадбиркорлар томонидан ташкил этилган жамоат ташкилоти ҳисобланади. Дастлаб Туркия иқтисодиётида юқори ўринни эгаллаш ва овоз ҳуқуқига эга бўлишни мақсад қилган. Бугунги кунда Ассоциация 11 000 аъзони ўз ичига олади, Туркияда 86 та филиал, бутун дунё бўйлаб эса 68 та ваколатхона ва 181 та ҳамкорлар ҳамда боғланиш офисларига эга. 1 600 000 нафардан ортиқ ходимларга эга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг 60 000 дан ортиқ ташкилотлари MÜSİADнинг аъзолари ҳисобланади. MÜSİAD ассоциацияси тадбиркорлар учун тадбиркорлар томонидан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.

MÜSİAD ассоциацияси Туркияда 1993 йилдан бошлаб мамлакатлар ўртасида савдони ва муносабатларни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшадиган халқаро кўргазмалар ва халқаро бизнес-форумлар конгрессларини ўтказиб келмоқда. Дунёнинг 22 та мамлакатидан бизнесменлар, давлатлар раҳбарлари ва вазирлари ушбу тадбирларнинг иштирокчиларига айланмоқда.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, тадбиркорлар учун ҳамкорликдаги кўргазмалар ва бизнес саёҳатларни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистондаги турли тижорий ва инвестицион лойиҳаларда ўз мутахассислиги бўйича MÜSİAD аъзоларининг иштирок этиш истаги ва бунга тайёрлиги муҳокаманинг муҳим жиҳатига айланди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг MÜSİADнинг бутун дунё бўйлаб 25 000 дан ортиқ аъзолари билан алоқаларни ўрнатиш ва уларни Ўзбекистонда ҳамкорликка жалб қилиш имкониятини алоҳида таъкидлаш лозим.