AMBiTга Кириш

Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси “Тошкент-Орол” саёҳатининг ҳамкорларидан бири сифатида қатнашмоқда

2 август куни 4000 км масофали “Тошкент-Орол” саёҳатига старт берилди. Саёҳатнинг асосий мақсади афсонавий ва сирли Орол денгизи сувига етиб боришдан иборат. DiscoverRallyTour ушбу тадбир ташкилотчиси ҳисобланади.

Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси “Тошкент-Орол” саёҳатининг ҳамкорларидан бири сифатида қатнашмоқда.

Саёҳат дастури жуда қизиқарли бўлиб, унинг иштирокчилари Самарқанд, Бухоро, Хива, Муйноқ, Аёз-қалъа ва бошқа қизиқарли шаҳарлар орқали Орол денгизигача етиб боришади. Диққатга сазовор жойлар, афсона ва ривоятларга бой ноёб ва сирли жойларга ташриф буюришади, ташриф буюриладиган Ўзбекистон ҳудудларининг бутун дунёга машҳур миллий таомларидан таътиб кўришлари мумкин. Иштирокчилар учун саёҳат якунида Ҳайдар кўл (Айдар кўл)да DJ Petishka ва Баҳриддин Чустий томонидан ажойиб оқшом ташкил этилади.

Таъкидлаш лозимки, “Тошкент-Орол” саёҳати иштирокчиларининг кўп қисмини бизнес вакиллари ташкил этади. Ушбу саёҳат норасмий, ҳатто экстремал шароитларда ҳам янги бизнес ғояларининг туғилиши ва янги танишувларнинг пайдо бўлишига хизмат қилади, шунингдек, тадбиркорларнинг матонатини синовдан ўтказади ва характерини мустаҳкамлайди. Бу ўз навбатида бозор муносабатларининг ҳар қандай шароитларига осон мослаша олишда ўз самарасини беради.

Саёҳат – Орол денгизи фожиясига ишбилармонлар эътиборини жалб қилиш учун ажойиб имконият. Сувлар чекинишидан аввал Орол денгизи дунё кўллари ичида катталиги бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган, бугунги кунда эса Оролқум, деб номланган саҳрога айланмоқда.

Оролнинг катта қисми Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, аммо бу ажойиб жойга ташриф буюрадиганларнинг кўп қисмини чет элликлар ташкил этади. Балки биз унинг тўлқинларига дўч келган охирги авлод бўлишимиз мумкин.

Саёҳат 9 августга қадар давом этади ва иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдиради.