AMBiTга Кириш

Ўзаро манфаатли алоқалар тикланмоқда

Хорижий мамлакатларнинг Тошкентда аккредитациядан ўтган элчилари билан AMBiTдаги анъанавий учрашувлари доирасида 9 октябрь куни Туркия дипломатик ваколатхонасининг Ўзбекистондаги раҳбари жаноб Ахмет Башар Шен билан танишув суҳбати ташкил этилди.

Иқтисодиёти дунёда 18-ўринни эгалловчи Туркия Ўзбекистонинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Сир эмаски, ушбу давлат билан алоқаларда кўтарилиш ва пастлаш босчиқлари бўлган.

Учрашув давомида кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Туркияга имтиёзли ва ўқув саёҳатларини амалга оширишда, икки томон тадбиркорлари ва сайёҳлари учун Туркия ва Ўзбекистон бўйича алоҳида йўл кўрсаткичларни нашр этишда элчихона AMBiTга кўмак бериши бўйича келишувга эрилиди.

Элчи Туркиядаги йирик банклардан бири бўлган «Зироатбанк»нинг филиали Тошкентда яқин вақт оралиғида очилиши, хусусий тадбиркорлик соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун алоҳида кредит линияси ажратилиши эҳтимоли ва бошқалар ҳақида маълумот берди. Яқин кунларда Ўзбекистон-Туркия Савдо-саноат палатаси очилади.

Учрашувда илгари Ўзбекистонда ишлаган ва мамлакатимизда бизнес дуч келадиган муаммо ва чақириқларни яхши биладиган ТИКА ваколатхонасининг Тошкентдаги раҳбари жаноб Али Ихсан Чаглар ҳам иштирок этди.

AMBiT маҳаллий тадбиркорларнинг маълумот даражасини ошириш учун Туркиядан турли соҳалардаги эксперт ва мутахассисларни таклиф қилишга, туркиялик тадбиркорлар билан b2b учрашувлар ва кооперацион биржаларни доимий асосда ўтказишга тайёр. Туркиянинг қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, дори саноати ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича тажрибасига алоҳида эътибор қаратиш ва ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.

Мамнуният билан қайд этиш лозимки, учрашув элчи ва ТИКА ваколатхонасининг раҳбари бемалол гаплаша оладиган ўзбек тилида олиб борилди. Ушбу унча кичик бўлмаган жиҳат ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги тарих, маданият ва анъаналар умумийлигидан далолат беради.